Ўқитувчиларга                                    Талабаларга                                  
 Абитуриентларга      

 

Тарихий шахслар ва ислом уламолари

Абдуллоҳ ибн Умар. У зотнинг тўлиқ исми – Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб ал-Адавий (розияллоҳу анҳумо). Кунялари – Абу Абдураҳмон. Саҳобаларнинг энг улуғ олим ва мужтаҳидларидан. Ҳижоз фиқҳининг тамал тошини қўйган ва олтмиш йил фатво берган шахс. Ибн Умар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан кейин энг кўп ҳадис (2630 та) ривоят қилган.

Ибн Умар умрининг охирида кўзи ожиз бўлиб қолган ва ҳиж. 73/692 йили 84 ёшида Маккада ҳаж маҳалида вафот этган.

Абдурраҳмон ибн Авф. Тўлиқ исми – Абдураҳмон ибн Авф Абу Авф ал-Қурайший ал-Зуҳрий (розияллоҳу анҳу). Куняси – Абу Муҳаммад. У милодий 580-йили туғилган, Абу Бакр Сиддиқ даъвати билан мусулмон бўлган. Маккалик илк саккиз мусулмоннинг (Хадичадан кейин) бешинчиси, яна жаннат башорат берилган саҳобийлардан ҳисобланади. Абдураҳмон ибн Авф аввал Ҳабашистон, кейин Мадинага ҳижрат қилган. У Расули акрамдан 65 та ҳадис ривоят қилган. Ҳиж. 32/655 йили Мадинада вафот этган.

Абу Суфён. Тўлиқ исми – Абу Суфён Сахр ибн Ҳарб ибн Умайя ибн Абдушшамсдир (567-652). Йирик савдогар, қурайшийлар зодагони. Маккада Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг диний тарғиботига қарши курашиб, У зотни таъқиб қилган. Макка фатҳи арафасида исломни қабул қилган. Ислом ҳимояси учун Ҳунайн ва Тоиф жангларида қатнашиб, бир кўзидан жудо бўлган. Сўнгра Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам уни Нажрон вилоятига ҳоким етиб тайинлаган. У зотнинг вафотларидан кейин Шом фатҳида қатнашган.

Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад. Абу Ҳафс Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад мил. 1069 йили туғилган. У тарихчи, фақиҳ, тилшунос, муҳаддис, муфассир бўлган. Унинг мусулмон қонуншунослигига доир “Манзуматун-Насафийя фил-хилофийот”, “Ақоид ан-Насафийя”, тафсир фанига доир “Тайсир фи-т-Тафсир”, шунингдек, тасаввуфга доир “Рисолаи нажмия” китоби бизгача етиб келган. Насафийнинг “Ал-Қанд фи зикри уламои Самарқанд” номли асари Самарқандлик машҳур уламоларга бағишланган. Олим мил. 1142 санада вафот этган.

Ибн Обидин. Асл исми Саид Муҳаммад Амин ибн Умар ибн Абдулазиздир. Ҳижрий 1198 йил Сурияда таваллуд топган. Ибн Обидин тафсир илмини Саъид ал-Ҳамавий ва Саъид Муҳаммад Шокир Салимийлардан таълим олади. У Холид ал-Бағдодийга шогирд тушгандан кейин эса ҳанафий мазабига ўтади. Бундан ташқари калом ва тасаввуф илмларини ҳам чуқур ўрганган. Олим 17 ёшидаёқ китоб ёзишни бошлайди ва йирик олимлар қаторидан жой олади. Асарларининг ичида “Радду-л-мухтор” асари жуда машҳур. Ибн Обиддин ҳиж. 1252 йили Дамашқда вафот этган.

Имом Ғаззолий. Тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад Абу Хомид ал-Ғаззолий аш-Шофеийдир. Ҳиж. 450 йилда Хуросоннинг Тус вилоятида туғилган. У кишиниг отаси тўқувчи бўлган. Шу сабабли олим “ғаззол – тўқиш” маъносидаги нисбатни олган. Имом Ғаззолий фақх, усул, калом, тасаввуф илмларини мукаммал билган. Алломанинг “Иҳё улуми-д-дин”, “Мукашафату-л-қулуб”, “Кимёи саодат” каби асарлари машҳур. Имом Ғаззолий шофеий мазҳабида бўлиб, мазҳабга оид бир қанча китоблар ҳам битган. У ҳиж. 505 йил Тус шаҳрида вафот этган.

Абдулазиз Ҳалвоний. Тўлиқ исми – Шамсул-аимма Абдулазиз Аҳмад ибн Наср ибн Солиҳ ал-Ҳалвоний. Мовароуннаҳрнинг атоқли ҳанафий олимларидан. Дастлаб Бухорода таҳсил олган, кейин илм талабида кўпгина мамлакатларга сафар қилган. Сарахсий, Фахрул-ислом Паздавий, Абул-йуср Паздавий, Заранжий каби олимлар унинг шогирдларидир. Унинг фиқҳга оид “ал-Мабсут” асари ўз даврида машҳур бўлган. Олим мил. 1056 йилда Кешда вафот этган.

Абдулкарим ас-Самъоний. Тўлиқ исми – Абдулкарим ибн Муҳаммад ас-Самоъний ал-Марвазий ас-Шофеий. Ҳижрий 506 йилда Марвда туғилган. У зот муҳаддис, ҳофиз, тарихчи, муфассир олим бўлган. Асарларидан “Ансобус-Самоъний”, “Тариху Марв”, “Тирозуз-заҳаб фи адабит-толиб”, “ат-Тазкира ват-табсира”, “Адабул-қозий”, “Куррос”, “Таҳзибут-таҳбир”, “ал-Муъжамул-кабийр”, ва “Китобут-таҳбир фил-муъжамил-кабийр”лар машҳур. Олим ҳиж. 562йили Марвда вафот этган.

Абул Ҳасан Паздавий. Тўлиқ исми – Абул-Ҳасан Али ибн Муҳаммад ал-Паздавий бўлиб, мил. 399 йилда Насафнинг Пазда қўрғонида туғилган. Ҳанафий мазҳабининг йирик фақиҳи ва муҳаддиси. “Мовароуннаҳр фақиҳи” ва “Имомларнинг устози” деган унвонларни олган. Фиқҳга доир олтита китоб ёзган. Самарқанд мадрасаларида кўплаб шогирдлар тарбиялаган. Унинг “Канзул-вусул ила маърифатил-усул” асари “Усулу-л-Паздавий” номи билан машҳур. Олим ҳиж. 482 йилда Кешда вафот этган. Жасади Самарқандга олиб келиниб, Чокардизага қабрстонига дафн этилган..

Абул-Лайс ас-Самарқандий. Асл исми – Наср ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Иброҳим Абул-Лайс ас-Самарқандий ал-Ҳанафийдир. Куняси “Фақиҳ Абул-лайс” бўлган. Туғилган санаси борасида ишонарли маълумот шуки, мил. 911 йили Самарқандда туғилган. Тафсир, фиқҳ, усул, ақоид, зуҳд бўйича кўпгина асарлар битган. Луқмон ибн Ҳоким ал-Фарғоний, Абу Молик Ноим ал-Хаттоб, Муҳаммад ибн Абдурраҳмон аз-Зубайдий, Абу Саҳл ибн Муҳаммад каби устозлардан дарс олган. Китоблари: “Баҳру-л-улум”, “Хизонатул-фиқҳ”, “ал-Муқаддима”, “ан-Навозил”, “ал-Мабсут”, “Бўстонул-орифин”, “Танбеҳул-ғофилин” ва бошқ. Аллома мил. 985 йилда вафот этган.

Заранжарий. Тўлиқ исми – Бакр ибн Муҳаммад ибн Али Бухорий Заранжаро Ҳанафийдир. Олим ҳиж. 427 йилда туғилган. Ҳанафий мазҳабини яхши билган фозил имомлардан бўлган.

Абу Саҳл Сарахсий ва Абдулазиз Ҳалвонийдан фиқҳ илмини ўрганиб, етук фақиҳ бўлиб етишган. Унинг “Амолий аз-Заранжаро” номли асари машҳур.

Ҳусайн Насафий. Тўлиқ исми – Абу Али Ҳусайн ибн Юсуф Насафий Фишидиржийдир. Олим катта фақиҳлардан бўлиб, ўз даврида қозилик мансабида ишлаган. Алломанинг “Фавоид” ва “Фатово” асарлари кенг тарқалган. Насафий ҳиж. 425/1034 йили Бухорода вафот этган.

Ибн Можа. Тўлиқ исми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Язид ибн Абдуллоҳ ал-Қазвинийдир. У ҳиж. 209/824 йили Қазвин шаҳрида туғилган. У киши йирик муҳаддислардан бўлиб, 6 та ишончли ҳадис китобларининг бирининг муаллифидир. Олим Аҳмад ибн Иброҳим, Азҳар ибн Марвон, Исмоил ибн Тавба, Исҳоқ ибн Ваҳб каби етук олимлардан таълим олган. Ўз навбатида у зотдан Исо ал-Абҳарий, Абу Умар ал-Маданий, Али ибн Иброҳим ал-Қатон, Сулаймон ибн Язид ал-Фолий каби муҳаддислар ҳадис ривоят қилишган. Ибн Можанинг “Сунан ибн Можа”, “Тафсирул-Қуръон”, “Тариху Қазвин” асарлари машҳур. У киши ҳиж. 273/887 йили Қазвинда вафот этган

Имом Бухорий. Тўлиқ исми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абу-л-Ҳасан Исмоил ибн Иброҳим ибн Муғира ибн Аҳнаф Яздабиҳ ал-Бухорийдир. У зот ҳиж. 194/810 йил Бухорода таваллуд топган. Абу Абдуллоҳ ёшлик чоғиданоқ ҳадис илмига қизиқиб, уни ўрганиш мақсадида ўнлаб шаҳару қишлоқларда юриб, олти юз минг ҳадисни жамлайди. Натижада бу борада “амирул-мўминин фил-ҳадис”, яъни “ҳадисда мўминлар амири” даражасига кўтарилади.

Имом Бухорий Аҳмад ибн Ҳанбал, Исҳоқ ибн Роҳавайҳ, ал-Дохилий, Муҳаммад ибн Салом, Абу Аблуллоҳ ал-Мусаннадий ва бошқа замонасининг етук олимларидан дарс олади. Ўз вақтида Муҳаммад ибн Шокир, Имом Муслим, Имом Термизий, Имом Насоий каби юзлаб шогирдларга устозлик қилган. Бухорий 20 дан ортиқ асар битган бўлиб, шулардан “ал-Адабул-муфрад”, “Тарихул-кабир”, “аз-Зуъофо”, “Биррул-волидайн” асарлари машҳур. Айниқса, олимнинг “ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” асари жуда машҳур бўлиб, унга юздан ортиқ шарҳ ва ҳошиялар ёзилган. Аллома ҳиж. 256/870 йил Самарқанд яқинидаги Ҳартанг қишлоғида вафот этган.

Қаффол Шоший. Асл исми – Абу Бакр Муҳаммад ибн Али Исмоил Каффол Шошийдир. Ҳиж. 291/904 йилда туғилган. Устозлари Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир Табарий, Абулҳасан Али ибн Абу Мусо Ашъарий ва бошқ. Асарлари: “Жавомиул-калим”, “Адабул-қозий”, “Илмул-жадид”, “Махосинуш-шариъа”, “Усул”, “Китоб фи усулил-фиқҳ”, “ал-Фатово”, “Адабу--қозий ала мазҳабиш-шофеий”, “Шарҳур-рисола лиш-Шофеий”лар маълум.

Олим ҳиж. 336/977 йилда вафот этган.

Муҳаммад Насафий. Тўлиқ исми – Абул-фазл Бурҳониддин Муҳаммад ибн Муҳаммад Насафий Ҳанафий бўлиб, ҳиж. 600/1204 йилда туғилган. Олим муфассир, фақиҳ, усулул-фиқҳ олими, мутакаллим, ҳаким ва мантиқшунос бўлган. Асарларидан “Шарҳул-ишорот”, “Талхиси тафсири Фахрир-Розий”, “ал-Фусул фил-жалол”, ва “Шарҳур-рисалат ли қудусия”, “Матлаъус-саодат”лар машҳур.

Олим ҳиж. 687/1288 да вафот этган.

Садруш-Шаҳид. Тўлиқ исми – Абу Муҳаммад Умар ибн Абдулазиз ибн Умар ибн Моза Бухорий. У “Садруш-Шаҳид” номи билан машҳур бўлиб, 1090 йили Бухорада туғилган. “Ал-Воиъот ал-Ҳусомийя фи мазҳабил-ҳанафийя”, “ал-Фатово ас-суғро”, “ал-Фатовоил-кубро”, “Шарҳул-Жомиъис-сағир” ва бошқа асарлари бор. Олимдан ўғли Шамсиддин Муҳаммад, Умар ибн Муҳаммад ал-Оқилий, Бурҳониддин ал-Марғиноний ва Муҳаммад ибн Муҳаммад ас-Сарахсийлар таълим олган. Олим 1141 йили Қорахитойлар билан бўлган Атвондаги жангда 53 ёшида ҳалок бўлган.

Имом Нававий. Яҳё ибн Шарафиддин ибн Муррий Нававий ҳиж. 631 йили Дамашқдаги Наво шаҳрида туғилган. Куняси – Абу Закариё, лақаби эса Муҳиддин. Ўн тўққиз ёшида Дамашқдаги “Равоия” мадрасасида таълим олади. Бундан ташқари Исҳоқ ал-Мадисий ва имом Димётий каби замонасининг етук олимларидан дарс олган. У кўплаб китоблар тасниф қилган. улардан “Шарҳи Саҳиҳи Муслим”, “Тақрийб ва Тайсийр”, “ат-Тибён”, “Риёзус-солиҳийн” асарлари машҳур. Олим ҳиж. 676 йил Навода вафот этган.

Имом Шофеий. Тўлиқ исми – Муҳаммад ибн Идрис ибн Аббос. Куняси Абу Абдуллоҳ қурашийдир. Ҳиж. 150 йили Ғазза шаҳрида таваллуд топган. Бу зот шофеий мазҳабининг асосчиси, фақиҳ, муҳаддис, мужтаҳид олимлардан. У Молик ибн Анас, Иброҳим ибн Саъд, Исмоил ибн Абдуллоҳ, Айюб ибн Сувад ва бошқа кўплаб ўз асрининг етук олимларидан таълим олган. Шу билан бирга Аҳмад ибн Ҳанбал, Баҳр ибн Наср, Аҳмад ибн Синон, Ҳасан ибн Муҳаммад, Робиъ ибн Сулаймон ва бошқа кўплаб машҳур уламолар бу зотнинг шогирдидир. Имом Шофеийнинг таълиф этган китоблари 113 та бўлиб, шулардан машҳурлари “Рисола”, “ал-Умм”, “ал-Мабсут”, “Ихтилофул-ҳадис”, “Ибтолул-истихсос”, “ас-Салавот”, “ал-Буюъ”, “ал-Музораъа”, “ад-Даъво вал-Баййинот”.

Аллома ҳиж. 204 йил 54 ёшида Мисрда вафот этади

Мансур Самъоний. Тўли исми Мансур ибн Муҳаммад Самъоний Марвазийдир. Ҳиж. 426/1035 йилда таваллуд топган. Муфассир, муҳаддис, мутакаллим, ва усулчи фақиҳ бўлган. Асарлари: “ал-Васат”, “ал-Бурҳон фил-хилоф”, “ал-Интисор ли ашобил-ҳадис” ва бошқа асарлари бор.

Имом Муҳаммад. Тўлиқ исми – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Ҳасан ибн Зуфар Шайбоний. Ироқнинг Восит деган мавзеъсида ҳиж. 132 йили туғилган. Имом абу ҳанифа, Имом Молик, Умар ибн Зар, Авзоъий, Абу Юсуф каби олимлардан таълим олган. У кўплаб китоблар таълиф қилган бўлиб, “мабсут”, “Жомиъу-с-сағир”, “Жомиъу-л-кабир”, “сияру-с-сағир”, “Сияру-л-кабир” каби асарлари ҳанафий мазҳабининг асосини ташкил қилади.

У ҳиж. 189 йили Рай шаҳрида вафот этган.

Имом Абу Юсуф. Тўлиқ исми – яъқуб ибн Ҳабиб ибн Саъд. Ҳиж. 113 йили куфада туғилган. Абу Ҳанифанинг энг етук шогирдларидан бири. Абу Ҳанифа, Аъмаш, Муҳаммад ибн Исҳоқ, Яҳё ибн Саъд каби замонасининг пешқадам мужтаҳидларидан дарс олган. Шу билан бирга Муҳаммад ибн ҳасан, Аҳмад ибн Ҳанбал, Яҳё ибн Маъин каби ислом оламининг йирик намоёндаларига устозлик қилган. Олим 40 га яқин асар яратган бўлиб, улардан “китобул-осор”, “Ихтилофи ибн Аби Лайло”, “китобул-харож” номли асарлари машҳур.

У ҳиж. 182 йилда вафот этган.

Нуриддин Абу Муҳаммад. Тўлиқ исми – Аҳмад ибн Маҳмуд ибн Абу Бакр Собуний Бухорий Ҳанафийдир. Ҳиж. 580/1184 йилда туғилган. Фақиҳ, мутакаллим уламолардан бўлган. Асарларидан “ал-Кифоя фил-ҳидоя”, “ал-Ҳидоя ван-ниҳоя” ва “ал-Муғний”лардир. Олимнинг вафот санаси маълум эмас.

Саҳнун. Унинг асл исми – Абу Саъид Абдуссалом ибн Саъид ибн Ҳабиб Тануҳийдир. У ҳиж. 776 йили туғилган. Тунисдаги моликий мазҳабининг йирик намояндаларидан ҳисобланади.

Саҳнун Испанияда моликийликнинг ёйилишига катта ҳисса қўшган. у мисрлик Абдураҳмон ибн Қосим каби замонасининг етук олимларидан таълим олган ҳамда “ал-Мудванна” номли асарини ёзиб қолдирган. Ҳиж. 854 йилда вафот этган.

Рамазон Бутий. Муҳаммад Саъид ибн Рамазон Бутий 1929 йил Туркияда туғилган. 4 ёшида оиласи билан Сурияга кўчиб ўтишган. Ҳозирда ҳам шу ерда яшайди. У киши ҳадис, фиқх, усулул-фиқҳ, сийрат ва калом илмларини мукаммал эгаллаган Шофеий уламолардан. Унинг “Фиқҳус-сийра”, “Кубро яқиниётил-кавният”, “Алла мазҳабия”, “Шарҳу ҳикамил-атоия” каби бир қанча асарлари мавжуд. Олим бир қанча ҳалқаро исломий ташкилотлар аъзосидир.

Шайх Али Жумъа. У 1952 йилнинг 3 март куни Мисрнинг бани Сувайф деган ерида туғилган. Отаси фақиҳ бўлиб, фарзандига 30 000 та нодир қўлёзмалар билан бирга, китобларга меҳр ҳиссини қолдириб кетган. 10 ёшида Қуръонни тўлиқ ёд олади. Ёшлигидаёқ Сиҳоҳи-ситта ва моликийлик фиқҳини ўрганиб чиққан. Мадрасани битиргандан кейин “ал-Азҳар” олий ўқув юртига ўқишга кирган. 1974 йили магистратурага кириб, уни 1985 йили битиради. 1988 йили эса докторлик унвонига сазовор бўлади. Олим Абдуллоҳ ибн Сиддиқ Тумарий, шайх Муҳаммад Абу Нур Зуҳайр, Шайх Абдуҳалил ал Қорнишавий ал-Моликий каби етук олимлардан таълим олган.

Шайх Али Жумъа 2003 йилдан буён Миср муфтийси.

Шайх Юсуф Қарзовий. У 1926 йили Мисрда туғилган. 10 ёшида Қуръони каримни ёд олган. Қоҳирадаги “ал-Азҳар” халқаро университетида Усулу-д-дин факультети, кейинчалик магистратурани тамомлаб, олий даражали диплом олган. 1973 йилда докторлик илмий даражасини қўлга киритган. Қатар давлатининг таклифига кўра Қатар диний институтида ректор лавозимида ишлаб, Педагогика факультети Исломий тадқиқотлар бўлимига раҳбарлик қилган. Кейинчалик эса Исломий тадқиқотлар факультетининг декани лавозимида ишлаган. У 50 дан ортиқ монографияларнинг муаллифидир. Шайх бир қатор фанлар академияси, араб ва халқаро илмий муассасаларининг ҳақиқий аъзосидир. Жумладан, Бутунжаҳон Ислом лигасининг Фиқҳ Академияси, Урдун Қироллигининг Исломий тамаддун тадқиқотлари Академияси, Оксфорд Исломий тадқиқотлар маркази, Исломий даъват ташкилоти, Исломободдаги Покистон Халқаро ислом университети директорлар кенгашининг аъзосидир. Шунингдек, Юсуф Қарзовий Исломий банклар шаръий назорат қўмитасига ҳам раҳбарлик қилади.

Эшон Бобохон Ибн Абдулмажидхон. Бу зот – 1856 йилда Тошкентда диний уламо оиласида таваллуд топган. Отаси Абдулмажидхон эшон таниқли олим, машҳур "Мўйи Муборак" мадрасаси мударриси, бобоси Юнусхон ибн Айюбхон мударрис ва шайҳулислом бўлишган. Эшон Бобохон дастлаб уйда отасидан, сўнгра Бухородаги Мир Араб мадрасасида машҳур устозлардан, хусусан Домла Икромчадан таҳсил олди. Тиришқоқлиги, ақл-заковати боис тафсир, ҳадис, ақоид, фиқҳ билимдони бўлиб етишди. Бир неча йиллар "Мўйи Муборак" жоме масжидида имом-хатибва мадрасада мударрис бўлди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг диния назорати раиси, муфтий этиб сайланди. Уша йиллари мусулмонлар вакилларининг ҳаж сафарига боришлари йўлга қўйилди, "Мир Араб" мадрасаси қайтадан фаолият бошлади, масжидлар ҳақида Низом ишлаб чиқилди, диний бошқарма кутубхонасига асос солинди, халқаро алоқалар кенгайди.

Эшон Бобохон 1957 йили Тошкентда вафот этиб, Қаффол Шоший қабри ёнига дафн этилган.

Шайх Исмоил Махдум. 1893 йил Наманган шаҳрида туғилган. Бошланғич маълумотни отаси  Мулло Сотти Охунддан олди. Ўн уч ёшида эл орасида машҳур бўлган Ғофир қори домлада Қуръони каримни тўла ёд олди. “Мулла Қирғиз” мадрасасида Собитхон Тўра ва бошқа устозлардан тафсир, ҳадис, фиқҳ, сарфу наҳв ва балоғат фанларидан дарс олди.

1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратини ташкил қилиш, масжидлар ва Бухородаги “Мир Араб” мадрасасини очишда фаол қатнашди. 1943 йили илк марта ҳаж сафарига борди. Араб, форс ва эски туркий тилларни мукаммал билган. Араб, Эрон ва Ўрта Осиё халқлари тарихи, маданияти ва адабиёти бўйича мутахассис эди. Булардан ташқари табобат, фалсафа, илми ҳайъат (астрономия)га оид манбаларнинг ҳам билимдони бўлган.

Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назоратида муҳтасиб, ундан сўнг “Мир Араб" мадрасасида мудир бўлиб, 1957 йилдан то ҳаётининг охирига қадар раис ноиби, қози лавозимида хизмат қилди. Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институтида тафсир, ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанлардан дарс берди. Шогирдлари ҳозирги кунда Марказий Осиё давлатларида, Россиянинг Татаристон, Бошқирдистон ва бошқа минтақаларида, Озарбайжонда юқори диний лавозимларда ишлаб келишмоқда.

У 1976 йил, 83 ёшида Тошкентда вафот этган.

Шайх Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон. 1908 йилда Тошкентда туғилган. Ҳаким қори домла, Баҳодирхон махдум, Шайх Алоуддин, Жамол ҳожи каби устозлардан сабоқ олди. Ўн икки ёшида Қуръони каримни тўла ёд олган. 1920 йили Тошкентдаги Кўкалдош мадрасасига ўқишга кирган. Биринчи устози бўлмиш атоқли олим Шайх Муҳаммад ибн Саид ибн Абдулвоҳид Асалий Шоший Тараблусийдан ҳадис, фиқҳ илмини ўрганди. 1943 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати таъсис этилган кундан масъул котиб вазифасига қўйилди. Кейинроқ Ўзбекистон қозиси этиб тайинланди. 1947-1948 йилларда Қоҳирадаги “ал-Азҳар” дорилфунунида, сўнгра Макка, Мадина шаҳарларида таҳсил олди. 1948 йилда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний назорати раисининг ўринбосари, 1957 йилда эса унинг раиси ҳамда муфтийси этиб сайланди ва умрининг охирига қадар ана шу вазифада самарали ишлади. 1971 йили Тошкентда имом Бухорий номидаги Ислом олий маъҳади (институти)ни ташкил қилди.

Муфтий Зиёвуддинхон 1982 йил, 74 ёшида вафот этиб Қаффол Шоший мақбарасига – отаси Эшон Бобохон ҳазратлари ёнига дафн этилди.

Шайх Юсуфхон Шокиров. 1926 йил 26 январда Қирғизистоннинг Тўқмоқ шаҳрида туғилган. Доктор Юсуфхон илк диний маълумотни отаси Олимхон тўра ҳазратларидан олди. У 1948-1954 йилларда Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида таҳсил олган. 1955-1961 йиллари Мисрдаги “ал-Азҳар” университетида таълим олган. 1961 йилда она юртига қайтиб, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари Диний идорада халқаро бўлим мудири лавозимида меҳнат фаолиятини бошлади. 1967 йилда Тошкент Давлат университети шарқ факултети араб бўлимида ўқиган. 1975 йили “ал-Азҳар” – минг йил давомидаги араб филологияси маркази” мавзусида филология фанлари номзоди илмий унвонини ҳимоя қилган. 1975-1997 йилларда диний идора раисининг ноиби, 1997 йилдан то умрининг охиригача эса мазкур идорада Бош маслаҳатчи лавозимида ишлади. У “Мир Араб” мадрасаси ва имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида араб адабиёти, тафсир, ҳадис ва балоғат фанларидан дарс берди.

Шайх Юсуфхон Шокиров томонидан “Қиссаи Рабғузий” китобининг оят ва ҳадислари, “Ислом – имон, эътиқод ва ҳаёт тарзи”, “Ал-Азҳар” – минг йил давомидаги араб филологияси маркази” (монография), “Алишер Навоий асарлари тилининг изоҳли луғати” (4-жилди китобида “Хазойинул-маоний” асарининг “Б” ҳарфидан бошлаб луғатини тузган) ва яна кўплаб мақолалар ёзган.

У 2000 йил, 74 ёшида Тошкентда вафот этган.

Шайх Абдуғани Абдуллаев. 1928 йил 28 апрелда Фарғона вилояти Олтиариқ қишлоғида туғилган. 1946–1950 йилларда “Мир Араб” мадрасасида ўқиган. 1954-1957 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идорасида масъул котиб, 1957-1961 йилларда “ал-Азҳар” унверситетида талаба, 1961-1965 йиллари “Мир Араб” мадрасасида ўқитувчи бўлган. 1967-1975 йилларда “Совет Шарқи мусулмонлари” журналининг бош муҳаррир, сўнгра 1975-1989 йиллари Диний идора раиси ўринбосари, 1989-1992 йиллари Тошкент вилояти бош имом-хатиби бўлиб ишлаган. 1992-1995 йилларда Вазирлар Макамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси лавозимида хизмат қилди. 1995-1997 йиллари Халқаро ислом тадқиқоти марказига директорлик қилди. 1997-1999 йиллари Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари лавозимида ишлади.

Шайх Абдуғани Абдуллаев томонидан “Имом ал-Бухорий” ҳадислар тўплами (4-жилди таржимаси), “Абу Исо ат-Термизий ҳадислар тўплами” (таржимаси), “Мусулмончилик ҳақ-ҳуқуқлари” ва ўнлаб мақолалар муаллифидир.

У 1999 йили 71 ёшида Тошкентда вафот этди.

Фазилатли муфтий Усмонхон Алимов. Усмонхон Темирхон ўғли Алимов 1950 йилда Самарқанд вилояти Иштихон туманида хизматчи оиласида таваллуд топган. 1957-1967 йиллар давомида шу тумандаги Алишер Навоий номли 57-ўрта мактабда ўқиган. Дастлаб 1982-1983 йилларда Бухородаги “Мир Араб” мадрасасида, кейинчалик 1983-1987 йилларда Имом Бухорий номли Тошкент ислом институтида таҳсил олди. 1987 йилдан эътиборан Пайариқ туманидаги “Имом Бухорий” жомеъ масжидида имом-хатиб вазифасида ишлади. Кейинчалик 1989-1990 йилларда Марокашдаги “Каравийин” университетида таҳсилни давом эттирди. Ўқишдан қайтгач, яна Пайариқ туманидаги “Имом Бухорий” жомеъ масжидида имом-хатиб вазифасида иш бошлади. 2000 йилнинг январь ойидан буён Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Самарқанд вилоятидаги бош вакили вазифасида фаолият кўрсата бошлади.

Эл-юрт орасида катта ҳурмат ва обрўга эга ҳамда диний соҳада кўп йил фидокорона хизмат қилиб, бой тажриба орттирган самоҳатли уламо Усмонхон Алимов 2006 йил 8 август куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланди. Муфтий ҳазратлари “Ҳазрати Имом”, “Имом ал-Бухорий баракоти”, “Сўраган эдингиз”, “Жомиъу аҳкамис-сиғар”, “IX-XI асрларда Самарқандда Калом илмининг ривожланиши” каби китоблар, кўплаб диний-маърифий мазмундаги мақолалар муаллифидир.

Шайх Абдулазиз Мансур. 1944 йил Фарғона вилоятида туғилган. 1979 йил Тошкент ислом институти, 1981 йил Судан Араб Республикаси ислом университетини битирган. Меҳнат фаолияти давомида “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали масъул котиби (1979-1980), Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими мудири (1982-1991), Абу Райҳон Беруний номли Шарқшунослик институти илмий ходими (1991-1993), “Мовароуннаҳр” нашриёти мудири (1993-1997), Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи (1997-1998), Ўзбекистон Республикаси Президентининг Давлат маслаҳатчиси (1998-2000), Тошкент ислом университети проректори (2000-2006), Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари (2006-ҳ.в) лавозимларида хизмат қилган.

Шайх Абдулазиз Мансур “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” муаллифи бўлиб, бир неча бор қайта нашр этилган. Шунингдек, шайх жаноблари “Минг бир фатво” китоби муаллифи.

Унинг қаламига мансуб “Мусулмончиликдан илк сабоқлар”, “Минг бир ҳадис” (таржима), “Унвонул-баён” (таржимаси), “Атвоқуз-заҳаб” (таржимаси), “Ҳаж ва умра ибодатлари”, “Ақоид матнлари” ва яна кўплаб мақолалар мавжуд.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. 1952 йил 15 апрелда Андижон вилояти Булоқбоши қишлоғида туғилган. Бухородаги “Мир Араб” мадрасаси, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтини битирган. 1976 йилдан Ливия дорулфунунида ўқиган. 1980 йилда мазкур олий ўқув юртини битиргач, Диний идоранинг чет эл алоқалари бўлимида ишлади ва айни вақтда Тошкент ислом институтида дарс бера бошлади. Кейинчалик мазкур институт ректор ўринбосари, 1983 йилдан эса институт ректори лавозимида хизмат қилди. 1989 йили Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, муфтий этиб сайланди. У “Тафсири Ҳилол”, “Ҳадис ва Ҳаёт”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”, “Ислом мусаффолиги йўлида”, “Руҳий тарбия”, “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар” ва бошқа ўнлаб асар, юзлаб мақолалар муаллифижир. Асарлари рус, татар, тожик, қирғиз, қозоқ, уйғур, озарбайжон тилларига таржима қилинган.

Ҳозирда илмий-маърифий ишлар билан машғул.

 

«Ислом маърифати: аслият ва талқин»  китобидан

Видеолавҳалар

adidas eqt adv support primeknit black white where to buy adidas eqt support adv primeknit zebra what you need to know about adidas eqt 2017 adidas eqt support 9317 adidas adds a new boost sole to the eqt support 9317 adidas eqt 93 17 boost turbo red release info adidas eqt support 9317 blackpink adidas eqt boost 93 17 white turbo red where to buy the adidas eqt support 9317 turbo red adidas eqt support ultra boost primeknit semi frozen yellow black frozen green out now avenue x adidas consortium eqt support 9316 core black adidas eqt support 9317 royal tot ce este esential eqt adidas originals lanseaza primele produse eqt din 2017.html adidas originals eqt turbo pack adidas originals eqt black pack adidas eqt support black pack adidas eqt support adv cool grey on feet images adidas eqt support 9317 turbo red adidas eqt support 93 turbo red

Тошкент ислом институти Ахборот ва техник таъминот бўлими | © 2010-2017 buxoriy.uz